Ссылки доступа

Душанбе Қозоғистондаги январь воқеаларига тожикистонликларнинг алоқадорлигини рад этди


Тожикистон ТИВ 2022 йил январида Қозоғистонда ўтказилган норозилик намойишларига мамлакат фуқароларининг алоқадорлигини рад этди. Қозоғистон бош прокурори 5 январь куни бу мамлакатда январь ойида юз берган тартибсизликларда чет эл фуқаролари, жумладан тожикистонликлар ҳам иштирок этганини айтди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати 6 январь куни Озоди радиосига маълум қилишича, Тожикистон фуқаролари Қозоғистонда 2022 йил январида бўлиб ўтган тартибсизликларда иштирок этмаган.

“Тожикистон томони Қозоғистондан ўтган йилги воқеаларда ўз фуқароларининг иштироки ҳақида расмий каналлар орқали маълумот олмаган”, — деб ёзади Тожикистон ТИВ.

ТИВ шунингдек, бу ҳақдаги хабар эълон қилинганидан сўнг Тожикистон элчихонаси Қозоғистоннинг тегишли тузилмаларига мурожаат қилгани, "бу фактлар тасдиқланмаганини" таъкидлади.

“Хорижий фуқаролар тартибсизликларда ва бошқа жиноятларда иштирок этганликда гумон қилинмоқда. Улар орасида Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари бор”, - деди 5 январь куни Қозоғистон бош прокурори Берик Асилов мамлакат парламентида.

Қирғизистон ҳукумати Асиловнинг баёнотига муносабат билдирди ва ўз фуқароларининг Қозоғистондаги намойишларга алоқадорлигини рад этди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу давлатнинг айрим фуқаролари Қозоғистондаги “январь воқеалари” марказида “ўзларига боғлиқ бўлмаган вазият” сабаб бўлганини айтди.

Қозоғистон Бош прокуратураси норозилик намойишларида чет эл фуқароларининг иштироки ҳақида батафсил маълумот бермади. Ўтган йил бошида Қозоғистонда бўлиб ўтган норозилик намойишларида бу давлат фуқаролари қандай иштирок этгани маълум эмас. Қозоғистон Бош прокуратураси фақатгина январдаги намойишлар бўйича 573 киши судлангани ҳақида хабар берди. Улардан икки нафари террорчилик ҳаракатларини содир этишда айбланмоқда.

Ўтган йилнинг январь ойи бошида Жанаўзен шаҳри аҳолиси суюлтирилган газ нархининг кескин ошишига қарши норозилик билдирган эди. Бу норозилик намойишлари Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа бир қатор шаҳарларини қамраб олди ва қурол ишлатиш билан оммавий тартибсизликларга айланиб кетди.

Қозоғистон расмийлари тартибсизликларга намойишчилар эмас, хориждан келган террорчилар сабабчи бўлганини айтди. Бу иш бўйича далиллар ҳали эълон қилинмаган. Ўша тартибсизликлар натижасида 227 киши ҳалок бўлди. Январь воқеалари муносабати билан Қозоғистон хавфсизлик қўмитаси раҳбари ва мудофаа вазири ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG