Ссылки доступа

БМТ Эрон ҳукуматини ўлим жазосини қўллашни тўхтатишга чақирмоқда


БМТ яна бир бор Эрон ҳукуматини кузги намойиш иштирокчилари учун ўлим жазосини қўллаш амалиётини тўхтатишга чақирди. Ғарб давлатлари ҳам бу амалиётни қоралади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (БМТИҲОКБ) Эрондаги намойишлар чоғида ҳибсга олинган Муҳаммад Ғободлу ва Муҳаммад Боруғонийнинг қатл этилишидан хавотир билдирди. Уларнинг ҳукмлари яқин кунларда ижро этилиши керак. БМТ ўз мурожаатида Эрон ҳукуматини бу амалиётни зудлик билан бекор қилишга чақирган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррикнинг айтишича, ўлим жазоси инсон ҳуқуқларига тубдан зиддир. “Биз ўлим жазосини қўллашга қатъиян қаршимиз. Биз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идорасидаги ҳамкасбларимизга қўшилиб, бу қатлларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, — деди у.

Германия канцлери Олаф Шолц душанба куни Эрондаги намойишчиларга ўлим жазосини қўллаш амалиётини «даҳшатли» деб атади ва “Эрон режими бу жазолардан репрессия воситаси сифатида фойдаланмоқда”, деди. У Теҳронни намойишчиларни қатл қилишни дарҳол тўхтатишга чақирди. Ўтган бир ой ичида Эрон ҳибсга олинган тўрт намойишчига нисбатан ўлим жазосини ижро этди.

Шолц, шунингдек, Эрон ҳукуматини ҳеч қандай сабабсиз ҳибсга олинган маҳбусларни имкон қадар тезроқ озод қилишга чақирди.

Германия ҳукумати ҳам халқаро ҳамкорлари билан Эронга босимни кучайтиришини таъкидлади.

Айни вақтда Германия, Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирликлари мамлакатдаги кузги норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан ўлим жазоси тайинлангани муносабати билан Эрон элчиларини чақиртирди.

Эрон элчисини тушунтириш учун чақирган Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бурбок Германиянинг Эрондаги намойишчиларнинг охирги қатл қилинишини қоралаганини билдирди. “Аҳолини қўрқитиш учун ўз ёшларини ўлдирадиган режимнинг келажаги йўқ”, - дейди Бурбок.

Фардо радиосининг хабар беришича, айни дамда Берлин ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари Эрон ҳукуматининг ўз халқига нисбатан тажовузкор ҳаракатлари туфайли Эронга қарши тўртта санкциялар пакетини қабул қилиш ва амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Канада, шунингдек, Маҳди Карами ва Муҳаммад Ҳусайнийнинг қатл этилишини қоралаб, инсон ҳуқуқлари поймол қилингани учун икки шахс ва уч Эрон ташкилотини санкциялар рўйхатига киритди.

Эрон ҳукумати ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталарида ҳукуматга қарши намойишчи Моҳсин Шекарийга нисбатан биринчи ўлим ҳукмини чиқарган эди. У хавфсизлик зобитини пичоқлаганликда айбдор деб топилган (гап ҳукуматга яқин ҳарбийлаштирилган Басиж гуруҳи аъзоси ҳақида кетмоқда) ва Теҳрондаги кўчаларни тўсган. Маҳкум осилган.

2022 йил 12 декабрда Эронда ҳукуматга қарши намойишлар иштирокчисига нисбатан иккинчи ўлим жазоси ижро этилди – 23 ёшли Мажид Ризо Раҳнавард Машҳад шаҳрида омма олдида осилган эди.

XS
SM
MD
LG